Яна эътикоф ҳақида

13:53 / 06.03.2017 | Савол | 21

Ассалому алайкум! Эътикоф ўтирган аёлга ҳам жинсий яқинлик қилиши мумкинми? Эътикофда қанча муддатгача ўтириш мумкин?

«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Эътикоф ўтирган аёлга жинсий яқинлик қилиш жоиз эмас. 

«Кифоя» китобидан иқтибос: 

«Эътикоф» луғатда «ушлаб қолиш», «туриб қолиш» ва «лозим тутиш» маъноларини ифода қилади. Шариатда эса «Рўзадорнинг жамоат масжидида эътикоф нияти ила қолишидир».

 Аллоҳ таоло: وَلاَ تُبَاشِرُوهُنَّ وَأَنتُمْ عَاكِفُونَ فِي الْمَسَاجِد «Ва у(аёл)ларга масжидларда эътикоф ўтирганингизда яқинлик қилманг», деган («Бақара» сураси, 187-оят). 

Эътикоф қуйидаги турларга бўлинади: 

Вожиб. Бунга назр қилинган эътикоф киради. 

Суннати муаккада. Бунга Рамазоннинг охирги ўн кунидаги эътикоф киради.

Мустаҳаб. Бунга юқорида зикр қилинганлардан бошқа эътикофлар киради. 

Эътикоф ўзига хос алоҳида ибодат бўлиб у ила банда қалб мусаффолигига, дунёнинг ташвишларидан узилишга, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишга ва шу каби кўпгина фазлларга эришади. Унинг ози бир кундир. Аммо имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи: «Эътикофнинг ози бир оз муддат бўлса ҳам бўлади», деганлар ва шунга фатво берилган. Ким эътикофни бузса, қазосини бажаради. Худди нафл рўзани бузган одам қазосини тутиши вожиб бўлганга ўхшаб.  Валлоҳу аълам.