Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўринишлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам на узун қоматли ва на паст бўйли эдилар, балки ўрта қадлик, жисмлари чиройли келишган эдилар. Икки елкаларининг ораси кенг эди. Икки елкаларининг ўртасида муҳри нубувват, яъни пайғамбарлик муҳри бор эди.
Муборак бўйинлари шундоқ ярашган, чиройли эди, оқликда кумуш каби соф эди. Кўкраклари ва қоринлари мўйдан ҳоли эди. Лекин икки билаклари ва сийналаридан киндикларига қадар нозик мўйдан бир чизиқ тортилган эди. Ранглари ниҳоятда оқ ҳам эмас, ниҳоятда буғдойранг ҳам эмас, чеҳралари қизилликка мойил оқ эди. Икки кўзлари ниҳоятда қора ва киприклари ниҳоятда узун эди. Кўзларининг оқида қизиллик бор эди. Пешоналари кенг ва очиқ эди.Қошлари эгилган бўлиб, ингичка ва қалин ҳамда бир-биридан алоҳида, қўшилмаган эди. Икки қошларининг ўртасида бир томирлари бор эди, ғазаблари келганда ҳаракатга келиб кўринар эди. Муборак бурунлари бироз баланд ва қирралик, унда бироз нури дурахшон (кўркам) эдики, унга яхши диққат қилиб кўрмаган одам бурунларини катта ва баланд гумон қилар эди. Маъсум (покиза, гуноҳсиз) оғизлари мўътадил кенг эди (фасоҳатли ва балоғатли инсонларнинг оғизлари шунақа бўлади). Муборак тишлари майда ва ялтираб турар эди. Олдинги тишлари бир-биридан алоҳида кўринарди. Қачон сўз қилсалар, тишларининг ораларидан нур каби бир нарса чиқарди. Муборак бошлари катта, сочлари жуда буралган ҳам ва жуда ёзилган ҳам бўлмай, иккисининг ўртасида эди. Агар сочлари ўзича осонлик билан очилса, фарқ очар эдилар, агар тароқ ва бошқа нарсага зарурат тушадиган бўлса, фарқларини очмай қўйиб қўярдилар.Сочларини зиёда ўстирсалар,қулоқларининг юмшоғидан тушиб турар эди. Муборак соқоллари катта ва қалин, муборак икки ёноқлари на озғин ва на сергўшт, балки ниҳоятда марғуб эди. Икки кафтлари ва икки қадамлари тўла ва гўштлик эди. Икки билаклари узун эди, кафтлари кушода, икки кафтлари ва икки қадамлари гўштлик эди. Қўлларининг ва оёқларининг бармоқлари мўътадил узун эди. Аъзоларининг бўғимлари, ҳар икки суякларининг қўшилган ери йўғон эди. Қадамлари силлиқ эди, унда сув тўхтамас эди. Қачон юрсалар, қувват ила қадам кўтарар эдилар. Олдиларига эгилиброқ юрар ва оҳиста қадам қўяр эдилар. Юришлари тез-тез бўлиб, кенг қадам қўяр эдилар. Қачон юрсалар, бир баландликдан тушиб тургандек юрардилар. Ва бир тарафга бурилсалар, бутун қоматлари билан бурилардилар. Танҳо бўйинларини буриб қўймас эдилар. Назарлари тубанга бўлар эди. Осмондан кўпроқ ерга боқар эдилар. Кўпинча кўз қирраси билан боқар эдилар. Саҳобаларининг ўзларидан илгари юргизиб, ўзлари орқаларидан юрар эдилар. Ҳар кимса йўлиқсалар, ундан илгари салом берардилар. Бароъ ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳуснлироқ бир нарсани ҳаргиз кўрмадим». Али розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан аввал ҳам, кейин ҳам, у кишига ўхшаган бирон зотни ҳаргиз кўрмадим». Бошқа бир ривоятда «Маддоҳлари «Мен бунга ўхшаган зотни на ўзларидан аввал кўрдим ва на ўзларидан кейин кўрдим», деганди» дейдилар. Жобир розияллоҳу анҳу дейдилар: «Мен бир ойдин кечада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдимки, баданларида қизил либос бор эди. Мен гоҳо Расулуллоҳга боқар эдим, гоҳо ойга боқар эдим. Боқа-боқа шу натижага етдимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳуснда, жамолда ва нурда ойдан зиёда ва ортиқ эдилар». Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дейдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жисми мубораклари шул қадар марғуб, чиройли ва зебо эдики, инсон кўриб, вужудларини Аллоҳ Таоло кумушдан қўйганмикан, деб қолар эди. Муборак сочларида бироз буралганлик бор эди».
«Шамоили Муҳаммадия» асосида тайёрланди.
Мавзуга оид мақолалар
Сомсанинг ушбу тури шаҳар аҳолиси ўртасида анча қадимдан келиб чиққан бўлиши керак. Чунки ҳафсала билан давоми...

17:18 / 24.02.2017 10809
Оила ва оилавий ҳаётнинг моҳияти Рус тилидан Азиза Жалолиддинова таржимаси Инсонлар жуфт қилиб давоми...

13:23 / 04.01.2018 7768
Бандадирсан, бандаликни исбот этиб,Хато қилсанг, маломат қилгувчи кўп,Бу онларда виждонидан сабот давоми...

21:33 / 30.06.2023 2788
Отам онам билан тортишиб қолсалар ёки кўчадан уйга асабийлашиб келсалар, мени олдиларига чақириб, давоми...

22:12 / 21.05.2023 2642