Ҳикматли қабила
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Азд қабиласи аҳли Мадинадан борган даъватчининг сўзлари билан иймонга кирган эди. Аллоҳнинг Расулини шахсан кўргилари келди. Шу ниятда етти кишилик бир гуруҳ бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жанобимизнинг ҳузурларига келишди. Салом беришди. Жанобимиз уларнинг саломига жавоб берарканлар, мусофирларнинг қилиқ ва қиёфаларидан, гап-сўзларидан мамнун бўлдилар.

— Сизлар қайси диндасизлар? – деб сўрадилар.

— Биз мўминлармиз, – деб жавоб қилишди улар. Жавоб ёқимли эди. Жанобимиз кулимсирадилар. — Ҳар нарсанинг бир ҳақиқати бўлади. Динларингизнинг ва иймонларингизнинг ҳақиқати нима? — Ўн беш хусусиятимиз бор. Улардан бештасини сиз юборган элчи бизга етказди. Биз уларга иймон келтирдик. У буюрган яна бештасига биз амал қиляпмиз. Яна жоҳилият давридан бизга ўтган бешта нарса бор. Агар буларни ёқтирмасангиз, тарк этишимиз қийин эмас.

— Элчиларим сизларни ишонишга буюрган беш нарса нима? — Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва ўлгандан сўнг қайта тирилишга ишонишдир. — Қилишга буюрган беш нарса нима? — Аллоҳдан бошқа ҳеч бир илоҳ йўқ, деб иқрор бўлишга, намозни дуруст қилишга, закот беришга, Рамазон рўзасини тутишга ва йўлга қодирларимизга ҳаж қилишга буюрди. — Хўп, майли. Жоҳилият давридан эргаштириб келган беш нарсангиз нима? — Кенглик ва мўл-кўллик пайтида шукр, бало ва мусибат вақтида сабр, қазога рози бўлиш, душман билан юзма-юз келганда қочмасдан сабот кўрсатиш ва душман бошига келган мусибатга севинмаслик. Бу сўзларни эшитиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жанобимиз: — Бу одамлар ҳикмат топган одамлар экан. Ўзлари қаерда бўлишса ҳам, Пайғамбар тарбиясида етишган, деса бўладиган ҳолга келишибди, – деб марҳамат қилдилар. Сўнгра сўзларини бундай давом этирдилар: – Мен ҳам яна беш нарсани қўшай, ҳаммаси йигирма хусусият бўлсин. Агар сизлар ҳақиқатан шунақа одам бўлсаларинг, емайдиганларингни қўшиб йиғманглар. Ичида ўтирмайдиган уйни қуришга уринманглар. Эртага айрилажагингиз нарсалар билан мусобақалашишга чиқманглар. Ҳузурига тўпланиб арз этиладиганингиз Аллоҳни севинглар. Борадиганингиз ва абадий қолажагингиз оламга ҳозирлик кўринглар. Азд қабиласи вакиллари Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу тавсияларини зеҳнларига муҳрлаб, ватанларига қайтишди.

Аҳмад Лутфийнинг «Саодат асри қиссалари» китобидан олинди.

Мавзуга оид мақолалар
Онанинг тўлғоқ пайтида фаришталар сўраркан «Ё Робби, гўдак ўлик туғилсинми, тирик туғилсинми» Шунда Аллоҳ, давоми...

06:08 / 28.12.2016 4131
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам изорларини қаттиқ боғлардилар, кечани тирилтирардилар ва аҳлларини давоми...

00:56 / 18.05.2020 4724
Йигирма олтинчи кун... Ассалому алайкум. Бугун йигирма олтинчи кун. Биласизларми бугундан эртага ўтар давоми...

19:57 / 22.06.2017 17933
Ҳаракат инсон ҳаётида муҳим ўринни эгаллайди. Кам ҳаракатлилик XXI асрнинг энг долзарб масалаларидан бири, давоми...

17:41 / 17.01.2017 6040