1-синф қийинчиликлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1-синф ўқувчисининг онасини фақатгина бошидан ўтказган ёки ўтказаётган оналаргина тушуна олади. Эрта туриш, дарслар, янги талаблар, ёзиш, ўқиш буларнинг ҳаммаси бир пайтда келганининг ҳисобига болада анчагина қийинчиликлар туғдириши мумкин. Болалар психологларининг таъкидлашича, мактабга мослашиш 1 ойдан 6 ойгача давом этар экан. Мактабда энг қийин давр эса ноябрь- декабрга тўғри келар экан. Шунинг учун стол тагида ўтирган фарзандингизнинг осилган қовоқлари – вақтинчалик «намойиш» бўлиши мумкин.

Қуйида келтирилган баъзи қоидаларга риоя қилсангиз, ўзингизнинг ва фарзандингизнинг ҳаётини енгиллаштирган бўласиз. Демак, биринчи қоида – кундалик тартибга сўзсиз риоя қилинг. Агар фарзандингиз эрталаб соат 7 да уйғонса, кеч соат 9 да ётиши шарт. Дам олиш кунлари узоқроқ ухлаши мумкин, лекин ётиш вақти ўзгармаслиги керак. Чунки уйқуга тўймаса, унинг эътибори ва диққат қилиш салоҳияти пасайиб, ўқиш даражаси ҳам тушиб кетиши мумкин. Фарзандингизнинг овқат рационида доим сут, сабзавот ва мевалар ва албатта, иссиқ овқатлар бўлсин. Иккинчи қоида – қулай кийим. Мактабда кийим алмаштириш фарзандингизга қийинчилик туғдирмаслиги керак. Учинчи қоида – фарзандингизнинг кундалик тартибини режалаштиринг. Мактабга кечга қолмаслик – бу, сизнинг масъулиятингиздир. Шунинг учун уйғониш вақтини шундай белгилангки, ювинишга, кийинишга, нонуштага ва уйдан чиқишга вақт бўлсин. Тўртинчи қоида – қулайлик яратинг. Ўқувчининг сумкаси қаттиқ, лекин енгил бўлсин. Кунда унинг ичини текширинг, қаламлар очилган, етишмаётган китоб, дафтарларни тўлдиринг. Бу сизнинг вазифангиз ва уни бир кун аввал дарсларни қилиб бўлгач, тайёрлаб қўйсангиз яхши. Аста-секинлик билан бу вазифани фарзандингиз зиммасига юкланг. Аммо 3-синфдан олдин бу вазифани сидқидилдан бажаришига катта умид боғламанг. Бешинчи қоида – уйга вазифаларни куннинг иккинчи ярмида бажаринг. Мактабдан сўнг эса озроқ дам олсин: сайр қилсин, мультфильм кўрсин ва ҳоказо. Вазифаларни шошмасдан, овозингизни чиқариб ўқинг. Бола уни тўғри тушунсин. Фикрини чалғитадиган телевизор, телефон, мусиқаларни ўчириб қўйинг. Ҳар бир вазифа оралиғида 10-15 дақиқалик танаффус қилинг. Бундай тартибда боланинг кўрсаткичлари юқори бўлади. Ва албатта, мақташ эсингиздан чиқмасин. Умуман, фарзандингиз диққатини хулқида эмас, вазифада жамланг. Чунки тўғри ўтир, кўп қимирлама каби танбеҳлар уни хулқи ҳақида кўпроқ қайғуришига олиб келади. «Хунук» ёзилган варақларни 10 мартадан қайтариб ёзишга мажбур қилманг. Натижага эришганлик ҳиссиёти ҳам ғалаба қозониши керак-ку. Хулоса қилиб айтсак, ота-оналар қанчалик хотиржам бўлсалар, фарзандларнинг ҳам муваффақиятлари шунча юқори бўлади. Албатта, ўқиш ўқувчингиз ҳаётининг асосий қисмидир. Аммо бу фақатгина бир қисмдир, холос. (давоми бор)

Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлариРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрта бўйли давоми...

01:22 / 28.09.2023 1956
embedhttpswww.youtube.comwatchvxAYTUmsjo1Aembed

13:24 / 13.08.2018 3687
Бандалари учун нима афзал эканини яхши билиб, бизларга бир кеча ва кундузда беш маҳал намоз ўқимоқни фарз давоми...

15:59 / 28.12.2016 5342
   Ғайрат Мажид исмли шахс айтади «Бу Ҳазратнинг ҳаётлик чоғларида бўлиб ўтган эди.... Мен Шайх давоми...

17:12 / 12.02.2017 6708