5-ФАСЛ ФЕЙСБУКДА «УЛАШИШ» - «SHARE» БИЛАН БОҒЛИҚ ОДОБЛАР
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

5-ФАСЛ

ФЕйсБУКДА «УЛАШИШ» - «SHARE» БИЛАН БОҒЛИҚ ОДОБЛАР

Эй мусулмон биродар, билгинки, фейсбукда ёзишишнинг жуда катта одоблари бор. Фойдали, солиҳ, Аллоҳ жалла ва аъла ҳузурида мақбул бўлган хабарни улашишни истовчи ҳар бир киши мазкур одоблар билан зийнатланиши керак. Аллоҳ таолонинг изни билан қуйида уларни баён қиламиз:

1-Ихлос

Инсон барча амалларию гап-сўзларида Аллоҳ таолога ихлосли бўлиши вожибдир. Мана шу Аллоҳнинг амри бўлиб, бу ҳақда У Зот шундай марҳамат қилади:

«Айтгин: «Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир» (Анъом сураси, 162-оят). 

Менинг барча амалим Аллоҳ таоло учундир, нафсимда ёки вужудимда инсонлар учун бирор нарса йўқ. Ҳаётим давомида келтирганларим, Аллоҳ менга жорий қилганлари, мамотимда менга тақдир қилинганлари барча-барчаси

«...Оламларнинг Робби Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқ...» (Анъом сураси, 162-163-оятлар).

Эй оламларнинг Робби, нафсимда, ҳаёту мамотимда инсонлар ҳамда улардан бошқалардан ҳеч ким Сенга шерик бўла олмас. Менинг барча амалларим ҳеч кимни, ҳеч нарсани Сенга шерик қилмасдан, фақат Сен учундир. Сен мен учун, мавжудотларнинг барчаси учун ягона Молик Зотсан.[1]

 

Мана шу мусулмон киши ҳар бир ҳолатда лозим тутиши вожиб бўлган асл(эътиқод)дир. Айниқса дунёнинг турли бурчакларидаги инсонлар – эркагу аёл жамланадиган Фейсбук оламида! Эҳтимол, банда риёга йўл  қўйиши, махфий бўлган кичик ширк сабабли Аллоҳга ўзгани шерик қилиши мумкин. Буларнинг барчасида ёрдам сўраладиган Зот ёлғиз Аллоҳдир!

Бир одам ўз саҳифасига бир постни қўяди, одамларга бу солиҳ амал бўлиб кўринади. Аслида эса бу иш қалбдаги ният сабабли фасод бўлган фосид амалдир. Зотан, Аллоҳ азза ва жалла қалбдаги ҳар бир нарсани билади, қиёмат куни фақат қалбдаги нарсалар учун жазо ва мукофот беради.[2]

 

Роббимиз жалла ва аълонинг қуйидаги қавли бунга далилдир:

«Албатта, У Зот уни қайта тирилтиришга қодирдир… сирлар фош бўладиган Кунда…» (Ториқ сураси, 8-9-оятлар)

Суфён раҳимаҳуллоҳ: «сирлар фош бўладиган Кунда»дан мурод «хабардор имтихон қилинадиган кундир», деган.

 

Қатода раҳимаҳуллоҳ эса: «Албатта, сирлар ошкор бўлувчидир. Бас, шундай экан, яхшиликни сир тутинглар, агар кучингиз етса, уни эълон қилинглар. Ваҳоланки, Аллоҳдан ўзгада қувват йўқдир», деган.[3]

 
 
 

[1] Абу Заҳро деб танилган Муҳаммад ибн Аҳмаднинг «Заҳротут-тасафир»(5/2762), ҳамда Саъдийнинг «Тайсирул-карим ар-Роҳман» (282-с)  асарларига қаранг.

   

[2] « Шарҳу Риязус солиҳин» Муҳаммад (1/15).

   

[3] «Жамиъул-баян фи таъвилил-Қуръан»: Муҳаммад ибн Жарир, Абу Жаъфар ат-Тобарий (24/359).

   

Мавзуга оид мақолалар
Бир киши Шаъбийни сўкди. Шунда у Агар мен сен айтгандек бўлсам, Аллоҳ таоло мени кечирсин. Агар мен ундай давоми...

23:00 / 27.01.2022 3996
Ихлос ва риё бирбирига зид бўлиб, ҳеч қачон бир ерда бирлашмайди. Ихлосли одам Парвардигорига қаттиқ давоми...

22:30 / 14.01.2022 3263
Дунё мусибатлари кўп. Мўмин киши дунё имтиҳон ва синов диёри эканини билади. Мана шу синовга ҳар лаҳзада давоми...

22:00 / 02.01.2022 3430
Тарихдан маълумки, Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳунинг кўзлари кўр бўлиб қолибди. У зотнинг дуолари давоми...

22:15 / 16.11.2021 3863