Еймиз, ичамиз…
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жамият ривожланиб, инсон онги ўсгани сари кишилар ҳаётида фаровон яшашга имконият ва шароит пайдо бўлиб бораверади. Мана ҳозирги кунда одамзот истеъмоли учун яратилган ҳисобсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам бунга бир мисол. Бундан юз йил аввал яшаган ота-боболаримиз хаёлига келтирмаган егуликлар бугун дастурхонимизда муҳайё. Биз уларнинг таъмига баҳо берганимизча тановул қилиб кетаверамиз. Ёки бўлмаса, тайёрланиш услубини ўрганиш учунгина таркибидаги маҳсулотларга эътибор берамиз. Аслида ҳар бир озуқа Аллоҳ таолонинг инъоми эканини, уни фақат таъбимизга қараб эмас, тафаккур қилиб, неъмат эканини ҳис этиб истеъмол қилишимиз лозим эмасми?

Аллоҳ таоло бандаларини икром қилиб Ўзининг муқаддас китоби Қуръони каримда мана бундай марҳамат қилади:

يَا بَنِي آَدَمَ خُذُوا زِينَتَكُمْ عِنْدَ كُلِّ مَسْجِدٍ وَكُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ

“Эй Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз! Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай” (Ароф, 31-оят).

مَتَاعًا لَكُمْ وَلِأَنْعَامِكُمْ

(Буларни) сизларнинг ва чорва ҳайвонларингизнинг истеъмоли учун (яратдик)(Абаса, 32-оят).

Жанобимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса бу ҳақда жуда кўп ҳадисларда айтиб ўтганлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дарҳақиқат, мўмин битта ичаги тўлгунча, кофир (ёки мунофиқ) эса еттита ичаги тўлгунча овқат ейди!» дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Хўш, биз мукаррам инсон бу қоидаларга қанчалик амал қиляпмиз?

Нега энди еганимизни муҳокама қиляпсиз, деган савол бермоқчимисиз? Афсуски, ҳаётимиздаги жуда кўп муаммо-ю тушунмовчиликлар, турли низолару гиналар, ибодатимиздаги ҳаловат ва танамиздаги оғриқлар, ҳаттоки бутун инсониятни тахликага солаётган дунёдаги ресурс етишмаслиги – ҳаммаси шу сиз билан биз ҳисобга олмаётган егуликлар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларига боғлиқ.

Дунё аҳолисининг қанчаси оч ухлолмай ётса, яна шунчаси кўп тановул қилиш оқибатида уйқуга кетолмайди.

Бу билан сиз азизларга таом ейишни таъқиқламоқчи ёки камроқ ейишга чақирмоқчи эмасмиз. Ахир Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаганча ейишимизга рухсат бериб турибди-ку. Шунчаки дастурхон атрофида ўтирганимизда олдимиздаги ноз-неъматлар ҳақида тафаккур қилиб, шукронасини келтирсак, кекса ёшдаги бобо-бувиларимиз, яқин қариндошлар ва қўни-қўшнига ўша егуликларимиздан илинсак, беришни севувчи Роббимиз марҳаматига янада кўпроқ эришамиз, иншааллоҳ, демоқчимиз, холос…

Адолат Каримжон қизи

Мавзуга оид мақолалар
Ғусл қилиш вожиб бўлган ҳолатлар                                                                                            давоми...

10:34 / 10.05.2017 3894
Дазмоллашни махсус дазмоллагич ёки оддий столда қилиш мумкин. Дастурхон, чойшаб ва сочиқларни оддий давоми...

22:26 / 01.01.2017 6022
 3 декабрь 2018 йил санасида 2 декабрь халқаро ногиронлар куни муносабати билан имконияти чекланган 400 давоми...

08:54 / 04.12.2018 3324
Савол Икки йўлнинг биридан ичкарига дори юборилса ва у қайтиб чиқса, таҳорат бузиладими Жавоб Таҳорат давоми...

19:11 / 21.03.2017 4156