Аллоҳнинг меҳмонлари!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолога У Зотнинг камолига муносиб ҳамду санолар бўлсин! Ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саломлар бўлсин!

Ҳаммамизга маълумки ҳаж Исломнинг асосий 5 рукнларидан бири бўлиб, Аллоҳ таоло уни «Одамлардан йўлини топганларга», яъни  соғлиги яхши, ҳажга бориб келишга оиласидан ошиқроқ маблағи бор, йўлида хавф-хатар йўқ, аёл киши бўлса, маҳрами бор кишиларга фарз қилган.

Ҳаж Роббимизнинг биз бандаларига берган улуғ неъматидир. Бу ибодатни Ўзи муносиб кўрган бандаларига раво кўради. Кўп кишиларга бу ибодатни (ҳажни) бажариш насиб бўлмайди. Нима сабабдан? Чунки баъзи кишилар бу ибодатни қилиш учун ёки соғлиги кўтармайди, ёки ортиқча маблағи йўқ, баъзиларнинг эса маҳрами йўқ.

Аммо орамизда баъзи кимсалар борки, иймонли бўла туриб, имкони бўла туриб, бу ибодатнинг моҳиятини, қадрини билмай, ҳаж қилинадиган  маконларнинг бебаҳо бир жой эканлигини идрок этишдан ғофил бўлганлари учун, маҳрумдирлар.

Шундай. Аллоҳ таоло билдирмаса, ҳеч ким билмайди. Аллоҳ чақирмаса, бирор инсон бора олмайди. Шу кунларда Аллоҳнинг инояти билан Ҳаж қилишликдек улуғ ибодатга бориш насиб этган юртдошларимизга, бу имкониятдан тўлақонли фойдаланиб хато ва гуноҳларидан покланиб қолишларига Роббим ўзи тавфиқ берсин.

Кези келганда сафарга отланганларга баъзи маслаҳат деб айтайми ёки биродарлик тилаги деб атайми, шуни сизларга изҳор қилмоқчиман:

Азизлар! Бундай қадрли лаҳзалар, ғанимат фурсатлар бошқаларга эмас сизга насиб қилиб турибди. У ерларда Аллоҳнинг раҳмати тўлиб-тошган. Фурсатни бой берманг Аллоҳнинг раҳматидан фазлу карамидан кўп насибадор бўлишга ғайрат қилинг! «Аллоҳ» деб айтинг, «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деб айтинг! Хоҳ ошкор, хоҳ маҳфий айтинг, муҳими қалбдан айтинг, лекин асло вақтингизни ғафлат билан ўтказманг. Улкан савоб топиш имконияти бўла туриб, асло гуноҳга ботманг!

Унутманг: Сиз «Зуюфур-Роҳман», яъни «Роҳманнинг меҳмонлари» бўласиз . Илоҳим сизни меҳмонлик одобига риоя қилишингизни насиб этсин! Жанжал-тортишувлардан нари қилсин! Раҳматидан маҳрум қилмасин.

Аллоҳ, сиз юртдошларимизни ҳажларини мабрур, саъйларингизни машҳур ва амалларингизни мақбул айласин!

Кўксиларида бу ибодатга (ҳажга) бориш орзуси бўлган, бундай бахтни интиқиб кутаётган биз каби қулларини ҳам Аллоҳ таоло мушарраф қилсин, чақирсин! Омин.

Хуршида Олимжон қизи

Мавзуга оид мақолалар
АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ БАНДАЛАРНИ ИМТИҲОН ҚИЛИШИ   Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг жуда кўп оятларида бани Исроилни давоми...

21:07 / 18.03.2017 5269
Фарзанди бор ҳар бир отаона, албатта, кун келиб ўтиш даври муаммоларига дуч келади. Бироқ ота ва оналарнинг давоми...

13:49 / 11.02.2017 9614
Аллоҳ таоло Исо ибн Марям тилидан шундай марҳамат қилади «У деди «Албатта, мен Аллоҳнинг бандасиман. У менга давоми...

06:35 / 27.12.2016 7546
Аллоҳ таолога битмастуганмас ҳамду санолар бўлсин Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавоту саломлар давоми...

20:56 / 02.02.2017 39955