Ёрдам

07:58 / 22.03.2017 | Савол | 2012
Ассалому алайкум! Мен бир ҳафта олдин устара ёрдамида сартарошхонада сочимни олдиргандим. Соч олдирганда ҳам ўтиши мумкин бўлган касаллик ОИТС ҳақида эшитдим. Бу касаллик аломатлари қанчада билинади? Қандай аломатлари бор? Қачон ОИТС марказига бориб текширувдан ўтишим мумкин?
Шифокор:
Ва алайкум ассалом!
Аввало тинчланинг! Ҳозирда сартарошхоналарда ҳам санитария-гигиена қоидаларига асосан ишлаш ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар йўлга қўйилганлигини унутманг, уларнинг иш фаолияти ҳам СЭС ҳодимлари томонидан назорат қилинади . Шунинг учун ҳар бир мижоздан сўнг махсус зарарсизланитириш чоралари қўлланилади.
Агар сиз сартарошхонада соч олдириш жараёнингизда тери бутунлигига зарар етмаган бўлса ,хавотирга ўрин йўқ деб ўйлайман. ВИЧ инфекцияси фақат бутунлиги бузилган ,шикастланган ,тирналган тери орқали кириши мумкин.Аммо жинсий йўл ва шиллиқ қаватлар орқали ўта олади , ҳимояланмаган ҳолатларда.
ВИЧ ва ОИТС бир нарса эмас. ОИТС касалликнинг охирги ,терминал босқичидир. ВИЧ эса бу касалликни чақирувчи вируснинг номи. ВИЧ инфекцияланган дегани хали бу ОИТС бўлди дегани эмас.
Ортиқча вахимага берилмаган ва бефарқ ҳам бўлмаган холатда йўл тутишингизни тавсия қиламан. Сиз сартарошга борганингизга 1хафта бўлибди ,демак шошилинч профилактика вақти ўтган ( 72 соат ичида қўллаш мумкин бўлган чора) . Балки бу сизга керак ҳам эмасдир …
Маьлумот учун шуларни маьлум қиламан: бу касаллик аломатлари дарҳол намоён бўлмайди. Вирус организмга тушгандан то касаллик ривожланиб,симптомлари юзага чиққунича организмнинг иммун ҳолатига қараб туриб ,турлича вақт ўтиши мумкин. Касаллик бир неча босқичларда ўтади : ўткир иситма даври, симптомсиз давр, персистирловчи ,генерализацияланган лимфаденопатия даври, 2 ламчи касалликлар даври ва терминал давр (ОИТС) . Шулардан биринчи давр ўткир иситма даври симптомлари юзага чиқиш даври бир неча хафта ,кўпинча 6 хафталарда юзага чиқади. Бунда узоқ давом этувчи ,асосланмаган юқори даражадаги иситма , томоқ оғриғи ( фарингит) кузатилиши мумкин.
Асосий белгилар ; Узоқ давом этувчи (30 кун ) ич кетиши .Тана вазнининг 10 %ига тез суратда камайиш Лоҳаслик Бош оғриши
Мушакларда,бўғимларда оғриқ Терлаш Иштаҳасизлик Терида тошмалар Оғиз бўшлиғида яралар Йўтал Лимфа тугунларининг катталашуви. Вирус организмга тушганидан то қонда бу касалликка қарши антителлар ҳосил бўлгунича 3 ой вақт ўтади ( бу вақтни период светлого окна деб юритилади ) . Шунинг учун дастлабки қон текшируви ўтказилганидан кейин 3 ой ўтгач яна қайта текширув ўтказилади , якуний ташхис: ВИЧ инфекцияланган деб ана шу пайтдагина яна баьзи текширувлар мусбат чиқсагина қўйилади (,ПЦР,иммуноблот анализи) . Агар сиз сартарошхонада бош терингиз жароҳатланганига амин бўлсангиз ва шубҳадан ҳоли бўлишни истасангиз шу кунларда поликлиникангиздаги инфекционистингизга ёки ОИТС марказига мурожаат қилишингиз мумкин ва у ерда маслаҳат олишингиз мумкин. Маслаҳатдан сўнг сизга келгуси тактика тушунтирилади . Шубҳаларингиз асоссиз бўлишига тилакдошман, саломат бўлинг оила аҳлингиз бахтига