Бу йўлда тараддуд қилиш муҳаббатга хиёнатдир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қизим, фарзандингга Aбу Бакрни танит! Молини, жонини фидо қилаётганда, бир лаҳзалик тараддудни муҳаббатга хиёнат деб билган, инсониятнинг садоқат обидаси ҳақида сўзлаб бер!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари сони ўттиз саккизтага етганда, Aбу Бакр розияллоҳу анҳу ул зотга юзланиб майдонга чиқиш вақти келди дейдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: “Сонимиз (ҳали) жуда оз, эй Aбу Бакр!” дер эдилар. Ошкора даъват ҳақидаги оят нозил бўлгач, Aбу Бакр розияллоҳу анҳунинг қаттиқ туриб олишлари сабабидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобалари билан ошкора даъватни бошладилар. Саҳобалар Масжидул Ҳаромнинг турли бурчакларига тарқалдилар, ҳар ким ўз қабиласи билан бирга эди. Майдонга чиқиб Ҳаққа даъват қилиш шарафи биринчи бўлиб Aбу Бакр розияллоҳу анҳуга насиб қилди… Мушриклар бир лаҳзада унга ва қолган мўминларга ташландилар. Утба ибн Робийъа икки кавуши билан у кишининг юзига ура бошлади, оёқлари остига олиб қорнига тепкилай кетди. Шу вақт Тайм қабиласи етиб келди. Қариндошлари келиб Aбу Бакрни кўтариб кетишаётганида, у кишининг ўлганига ҳеч қандай шубҳа қолмаган эди. [137]

Aбу Бакр розияллоҳу анҳу ўзларига келгач, биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳволлари ҳақида сўрадилар. Чўчимадилар, қўрқмадилар, йиқилмадилар. Инфоқ қилишда олдинда бўлишлари курашда ҳам биринчилардан бўлишларига тўсқинлик қилмади. Қаерда бўлсалар ҳам, Ҳаққа эргашиб ўзларини тик тутдилар. Aбу Бакрнинг ҳаётини ўғил ўз отасидан, маҳалланинг болалари эса ўша отанинг ўғлидан тингласин ва уйлар каби кўчалар ҳам Aбу Бакрдек ёшларга тўлиб-тошсин.

--------------------------

[137] Ибн Касир, номи зикр қилинган асар, III жуз, 30-бет.

Давоми бор...

 

Абдуллоҳ Раҳим ва Нилуфар Алламова таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
Самолётда бир ёрдамчи учувчи ва бир бошқарувчи учувчи бўлади. Иккиси ҳам самолётни бошқаради. Лекин қарорни давоми...

04:48 / 10.11.2021 2850
Нуриддин Йилдиз .Бу умматнинг қизи,.Опасингилларимиз учун гўзал мутолаа Муҳтарама опасингиллар, севимли давоми...

21:08 / 24.01.2020 15334
Ростгўйлик барча фазилатларнинг асосидир. Ким уни ўзига лозим тутса, сифатлари мукаммал, ахлоқи гўзал давоми...

17:30 / 18.01.2022 1968
Замонамизнинг буюк ҳанафий, мужтаҳид олими Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ибн Муҳаммад Шафиъ Усмонийнинг давоми...

16:29 / 21.04.2020 4671